АДИБНИ ХОТИРЛАБ ...

Бугун - 6 апрел куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги қатағон қурбонлари хотираси давлат музейида Абдулла Қодирий таваллудининг 130 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Мазкур тадбир доирасида “Абдулла Қодирий ижодининг баркамол авлодни тарбиялашдаги аҳамияти” мавзуидаги Хотира кечаси, Музей ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан ҳамкорликда тайёрланган “Қодирий” номли ҳужжатли фильм тақдимоти, шунингдек, “Абдулла Қодирий абадияти” номли фото  ва рангтасвир асарлари кўргазмасининг очилиши маросими бўлиб ўтди.

Қатағон даври қурбонларидан бири - улуғ ўзбек адиби Абдулла Қодирий янги ўзбек адабиётининг бошловчиларидан бири бўлибгина қолмай, Ўрта Осиё халқлари адабиётида роман жанрининг ҳам асосчиси ҳисобланади. Унинг ижоди нафақат ўзбек адабиёти, балки миллий кино, театр ва тасвирий санъатнинг ҳам ривожига катта таъсир кўрсатган.

2024 йилда адиб туғилган кунга 130 йил тўлиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси, Абдулла Қодирий ижод мактаби, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар Университети билан ҳамкорликда “Абдулла Қодирий ижодининг баркамол авлодни тарбиялашдаги аҳамияти” мавзусида Хотира кечаси ташкил қилди.

Хотира кечасида сўзга чиққан Республиканинг таниқли тарихчи, адабиётшунос олимлари, мутасадди ташкилотларнинг раҳбарлари А.Қодирий асарлари асосида миллий ғоя тарғиботини янги босқичга олиб чиқиш ва баркамол авлодни тарбиялаш, Абдулла Қодирий ижодининг мустақиллик давридаги аҳамияти, адиб асарлари қаҳрамонларининг ёш авлод учун ибрат намунаси эканлиги, адиб асарларининг тарихий ўтмиш ва миллий қадриятларга ҳурмат туйғуси билан йўғрилганлиги каби масаллар хусусида фикр билдирдилар. Шўролар ҳокимияти сиёсати туфайли қатағонга учраган Абдулла Қодирий меросининг мустақиллик йилларида ўрганилиши, тарғиб қилиниши, аллома меросининг халққа қайтарилиши, асарларининг ҳозирги кундаги аҳамияти тўғрисида маълумот берилди.

Хотира кечасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан ҳамкорликда тарихчи олим Бахтиёр Ҳасановнинг асари асосида (сенарий муаллифлари – Равшан Асқаров, Темур Зокиров, Бахтиёр Ҳасанов) яратилган Абдулла Қодирийнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган “Қодирий” номли янги ҳужжатли фильмнинг илк намойиши ўтказилди.

Тошкент шаҳар ИИББ “Ниҳол” ижодий жамоаси ҳамда Абдулла Қодирий ижод мактаби ўқувчиларининг бадиий чиқишлари тадбирнинг янада таъсирли ва мазмунли ўтишида муҳим омил бўлди.

Тадбир доирасида, шунингдек, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейида “Абдулла Қодирий абадияти” мавзуидаги фото ва тасвирий санъат асарлари кўргазмасининг ҳам очилиши бўлди.

Маълумки, А.Қодирий XIX асрнинг охиридан XX асрнинг қарийб 30-йилларигача Тошкентда яшаб ижод этган. Шу даврда Тошкент Ўрта Осиёнинг йирик маданий-маърифий марказларидан бири бўлиб, А.Қодирий ижодининг шаклланишида ғоят катта роль ўйнади. Нафақат Шарқ, балки Ғарб маданиятининг ютуқлари ҳам кириб кела бошлаган Тошкентда Қодирий мадраса таълимини олди, рус-тузем мактабида ўқиди, шу ердаги адабий-маданий муҳитдан баҳраманд бўлди.

Кўргазмада намойиш этилган Эски Тошкент манзараларини акс эттирувчи фотосуратлар шу ҳақида ҳикоя қилади.

Кўргазманинг 2-қисми тасвирий санъат асарларидан иборат. Бу бўлимда адиб ҳаётини акс эттирувчи рангтасвир асарлар билан бирга унинг асарларига ишланган иллюстрациялар ташрифчилар эътиборига ҳавола қилинган.

Кўргазма 15 апрелгача давом этади.